tg-me.com/Abduqahhorov_Abduvahob/972
Last Update:
Студентлик ҳаётим 3-қисм
Шундай қилиб, санитарликка ишга кириш жараёнида илк бор ўз соҳамда пул топиш бахтига муяссар бўлдим. Кечқурунги дежурлар давомида нафақат пол ювишни ўргандим, балки шифокорлардан ҳам анчагина тажриба ва билим олдим.
Иш бошлашимга саноқли кунлар қолганда, кутилмаган ва мен учун унутилмас воқеа содир бўлди. Навбатдаги дежуримда турган пайтим, қабулхонага ёши катта, маст ҳолдаги бир эркакни олиб келишди. Маълум бўлишича, уни машина туртиб кетган экан. Аҳволи оғир эмас, лекин тўйгунича ичиб, кайфи ўтиб қолгани аниқ эди. Биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдик, аммо у қаршилик қилиб, сўкинишдан бошқа иш қилмади.
Врач жаҳл қилиб: «Ўзингизни босинг амаки!» деб қаттиқроқ охангда гапирди. Шу заҳоти эшик олдидан ўғли келиб, врачга бақириб у билан тортишиб кетди. Биз аралашгунча, врач ўзини ҳимоя қиламан деб йигитга икки мушт уриб, тинчлантириб қўйди.
Бироздан сўнг ўша йигит телефонда кимлар биландир гаплашиб, қабулхонадан чиқиб кетди. Орадан ўн дақиқа ўтмасдан, иккита машинани тўлдириб йигитлар келди. Мен ўша пайтда кўчада эдим — зудлик билан врачни огоҳлантирдим ва орқа эшикдан реанимация бўлимига яширдик.
Бу вақтда калтак еган йигит саккиз нафар танишини йиғиб, қабулхонада шовқин-сурон қилиб, ойнак ва стулларни синдирди. Телефон симини узиб ташлади, столларни ағдарди. «Врачингни топасанлар!» деб таҳдид қилди. Эшикда туриши керак бўлган қоровул эса аллақачон қаёққадир йўқолиб улгурганди.
Тахминан икки соатлардан сўнг, маст одам аста-секин ўзини англай бошлади. Бу орада ўғли ҳам тинчланди. Отахон вазиятни тушуниб етиб, ўғлини қилган иши учун 102 га қўнғироқ қилинса нима бўлишини англаб, ўғли билан суҳбатлашди. Нима учун ўша вақтда 102 га қўнғироқ қилинмагани ҳалигача менга тушунарсиз. Кейинроқ ўша йигит қайта кириб, қилган иши учун узр сўради, етказилган зарарни қоплашга тайёрлигини билдирди. Эрталабгача ҳамма нарса жойига тушди.
Шу пайт ўйлаб қолдим: агар мен врачни яширмаганимда, эҳтимол, уни реанимацияга яшириш учун эмас, врачни ўзига келтириш учун олиб чиқишимизга тўғри келарди. Шифокорни ҳимоя қилувчи қонун йўқ жойда қандай қилиб хотиржам ишлаш мумкин?
Қабулхонада турган врачни ҳар қандай одам ҳақорат қилиши, ҳатто уриши мумкин ва эвазига фақат жарима тўлайди ёки одатда 15 суткага қамалади. Агар кимдир унга пичоқ уриб, жонига қасд қилса-чи? Шунчаки қамалади? Шифокор эса ўлиб кетаверадими?
Шифокорнинг ҳуқуқлари етарли даражада ҳимоя қилинмаган. Нима учун ички ишлар ходимларига одамлар маст бўлса ҳам бўйсунади? Нимага ҳеч ким уларни урмайди? Чунки улар қонун билан яхшироқ ҳимояланган.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида шифокор (тиббиёт ходими)га нисбатан қўпол муомала, зўравонлик ёки қўл кўтариш жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин. Аммо бу масалада ички ишлар ходимларига нисбатан тажовузга қиёслаганда алоҳида модда белгиланмаган. Лекин амалдаги жиноят ва маъмурий кодекслар асосида баҳоланади.
Шифохона — асабий, стрессда бўладиган, кўп жанжал ва тушунмовчилик бўладиган маскан. Бундай жойда шифокор хавфсизлиги тўлиқ қонун билан ҳимояланмаса, қандай қилиб хотиржам ишлаш мумкин?
Ўша тонгда ҳаётимдаги энг хато ёки энг тўғри бўлган қарорлардан бирини қабул қилдим: ўзимга-ўзим санитарликка ишга кирмасликка ва биринчи ёрдам кўрсатиш пунктидан узоқлашишга қарор қилдим. Бу воқеадан сўнг қалбимда тиббиётга нисбатан совуқлик пайдо бўлди.
Орадан кўп ўтмай, пандемия сабаб ўқиш онлайнга ўтди. Карантин туфайли Фарғонага, қишлоғимга қайтдим. Шу билан “шифокорлик” деб аталган йўл маълум вақтга тугади ва мен учун бошқа бир касб ўз эшигини очди.
Давоми бор…
👉1-қисм 👉2-қисм
👉 @Abduqahhorov_Abduvahob
BY Abduvahob Abduqahhorov | Blogi📝
Warning: Undefined variable $i in /var/www/tg-me/post.php on line 283
Share with your friend now:
tg-me.com/Abduqahhorov_Abduvahob/972